ЭЙ ТУРНАЛАР...
Дардлашайлик, мендан қочманг чўчиб-чўчиб, Ёзда яйраб, қиш келган чоғ ондин кўчиб, Ўзбекистонимдан келдингизми учиб, Она юртдан беринг хабар эй турналар... Онам омон, отажоним саломатми? Ағёр иши мудом таъна маломатми? Дўстим дарди хануз катта даромадми? Э, вох қумсаш хаддан ошар эй турналар. Гох Истамбул, гох Масков, гох Қатардаги, Умри мудом қил устида хатардаги. Ўзбекистон боласиман сафардаги, Қалб кўлидан соғинч тошар эй турналар. Сизни кўриб юраккинам кетди тўлиб, Қолмагандир виждон атиргулим сўлиб. Кечалари гўё синглим юлдуз бўлиб, Самолардан менга боқар эй турналар. Соғинганим Самарқанднинг патирлари, Чимён тоғи хам Зоминнинг адирлари. Хушбўй-хушбўй жийда гулин атирлари, Хамда Тошкент номли шаҳар эй турналар. Айтинг менга хатим ёрга етмадими? Олис манзил ишқни нобуд этмадими? Хурлиқоим ёрга тегиб кетмадими? Гумон экан кони зарар эй турналар. Ота-онам кўзлари хам кўп маҳзунда, Мен поездга чиқиб кетган қаро тунда. Мен бундаман, йиғлаб-йиғлаб қолди унда, Жигарларим икки нафар эй турналар. Ташияпман қоплардаги доним билан, Филдек юкни чумолидек жоним билан. Тугасин деб мусофирлик деган ўлан, Дуодаман шом-у саҳар эй турналар. Қалб ўчоғин иситади меҳр гулхан, Ёт юртларда тўрт ёгимдир гарчи гулшан. Баъзи хожа бўлса тили ширинсухан, Баъзисининг тили заҳар эй турналар. Кимсалар бор миллатимни ажратур дод, Юртдошларим қонин ерга сачратур дод, Яна кимдир Азроилни учратур дод, Сўнг тобути юртга шошар эй турналар. Бор қул айлаб хаққимнида бермаганлар, Худо урган, лек қўлларим урмаганлар. Мусофирлар хеч беҳуда юрмаганлар, Юмуши кўп бўғзи қадар эй турналар. Ясагандек ўздин сохта пайғамбарлар, Айблар бизни халқни соғган ўшал ғарлар. Фақатгина харом топган зотлар, зарлар, Бизни дангаса деб атар эй турналар... Нетай соғинч қучмиш зафар эй турналар, Тугасайди тезроқ сафар эй турналар... | |
| |
Просмотров: 1169 | | |
Всего комментариев: 0 | |